Марказий Осиё археологияси бўйича хорижлик тадқиқотчилар томонидан олиб борилган изланишлар ва уларда қўлланган замонавий археологик методика бугунги кунда ҳудуд тарихини янгича ёндашув асосида ўрганишга имкон яратди. Классик археологияда амалда бўлган изланишлардан фарқли равишда замонавий тадқиқотларда хорижлик археологлар томонидан кўпроқ урғу археологияда нисбатан замонавий йўналишлар бўлмиш палеоботаника, зооархеология, қадимги инсонлар геномлари (ДНК) таҳлиллари, барқарор изотоплар анализи, органик қолдиқларни ўрганиш, ландшафт-археологик таҳлил, геофизик таҳлил, биомолекуляр ва радиоуглерод таҳлиллари каби услублардан фойдаланишга қаратилиши археологик қазишмалар ва уларда аниқланадиган топилмаларни таҳлил қилиш жараёнларини бутунлай ўзгартириб юборди. Бу ўзгаришлар эса ўз навбатида археология тарихшунослиги йўналиши учун тадқиқот обьекти бўлишга арзийди.